Истиқболли ҳамкорлик: Қарши давлат университетида жаҳон талабларига жавоб берадиган филология таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади

Жорий йилнинг 29 апрель — 1 май кунлари Беларус Республикасининг Минск шаҳрида Биринчи Ўзбекистон-Беларус профессионал таълим форуми бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Авезимбетович Шарипов бошчилигидаги таълим муассасалари делегацияси Минск шаҳрида расмий ташриф билан бўлиб турибди.

29 апрель куни Биринчи Ўзбекистон-Беларус форуми ўз ишини бошлади. Секция йиғилишида Минск давлат лингвистика университети ректори Наталя Евгеневна Лаптева ва Қарши давлат университети ректори Дилмурод Хамидуллаевич Набиев ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Шартномага кўра, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, ахборот алмашинуви ҳамда маслаҳат ва ахборот хизматлари соҳаси, илмий ва ижодий фаолият соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2024-2025-ўқув йилидан бошлаб икки олий таълим муассасалари ўртасида филология тилларни ва ўқитиш: инглиз тили, немис тили бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 3+1 ва лингвистика: инглиз тили магистратура мутахассислиги бўйича 1+1 шаклларида қўшма таълим дастурлари ташкил этилади. Бундан ташқари, Минск давлат лингвистика университети билан ҳамкорликда Қашқадарё ёшларини немис тилига ўргатиш бўйича интенсив курслар очилади.